Бош саҳифа » Илм » Такбири ташриқ қандай айтилади?

Такбири ташриқ қандай айтилади?

Динимиз Қурбон ҳайити кунида биз мусулмонларга баъзи вожиб ва суннат амалларни қилишни буюради. Жумладан, арафа кунининг бомдод намозидан бошлаб ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозигача, яъни 23 вақт намоз мобайнида ҳар бир фарз намоздан кейин ташриқ такбирини айтиш вожиб амаллардан ҳисобланади. Ташриқ такбири ушбудир:

Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд!

Ушбу такбирни ҳоҳ жамоат билан, ҳоҳ ёлғиз ўқилган ҳар бир фарз намозидан кейин айтамиз. Бундан ташқари, юрган, ўтирган пайтларда такбир айтишнинг зарари йўқ, балки мустаҳаб амалдир.

Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини зикру тасбеҳ ва дуою истиғфор билан бедор ўтказиш мустаҳаб.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг кечасини бедор ўтказса, қалблар ўладиган (яъни, Аллоҳнинг зикридан ғофил бўладиган ва қотиб қоладиган) кунда унинг қалби ўлмайди”, деганлар.

Яна бундай мазмундаги ҳадиси шарифлар ҳам бор: “Арафани ҳурмат қилинг! Зеро, у Аллоҳ қадрлайдиган кундир”; “Арафа куни рўза тутган кишининг икки йиллик – ўтган ва келаси йилги гуноҳлари кечирилишига умид қиламан”.

Ҳайит кунининг тонгидан ғусл қилиб, хушбўй атирлар сепиб ва энг гўзал, янги ёки тоза кийимларимизни кийиб намозгоҳга бориш, то ҳайит намози ўқилгунча ҳеч нарса емаслик суннат амалдир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон ҳайити куни бирор нарса емай намозгоҳга бормас ва Қурбон ҳайити куни токи ҳайит намозидан қайтгунларича ҳеч нарса емас эдилар.

Ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қилаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни Аллоҳ таоло ҳусни мақбул айласин!

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*