Бош саҳифа » Aллоҳнинг гўзал исмлари » Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Қуддус

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Қуддус

Қуддус сифатининг маъноси шуки, бу Зот ҳар қандай айблардан холи, нолойиқ сифатлардан муназзаҳдир. Мутлақ муқаддаслик ва мутлақ поклик Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир.

Ушбу исм Қуръони каримда икки ўринда – Ҳашр сурасининг 23-ояти ҳамда Жумъа сурасининг 1-оятида келган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ ва саждаларида “Суббууҳун, Қуддуусур Роббул малааикати вар-рууҳ” (У Покдир, Куддусдир, фаришталар ва Руҳнинг яъни Жаброилнинг Роббидир) дер эдилар”.

Имом Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривояти

Демак, “Ал-Қуддус” сифати аввало мутлақ пок деган маънони англатар экан.

Баъзи ўринларда жаннат ҳам муқаддас жой деб аталади, чунки жаннат бу дунёга хос бўлган айблардан холидир, покдир, у ерда такаббурлик, кўз ожизлиги, қарилик, бел эгилиши, ота-онага оқ бўлиш, ёмон хотин, етишмовчилик ва касаллик деган нарсалар бўлмайди.

Биз Аллоҳни муқаддас билиб, поклаймиз, улуғлаймиз деганда нафсларимизни поклаб, У Зот томон юзланишга тайёргарлик кўрамиз деган маънони ирода қиламиз. Инсоннинг ўз нафсини поклаб, мақомини Аллоҳ томон юксалтирмоғи дунёдаги энг муҳим ишлардандир.

Бир киши қандайдир маросим ёки йиғинга чақирилса, у ўзининг энг покиза, чиройли кийимларини кийиб, хушбўйликлар суртиб, ташқи кўринишини, ҳатти-ҳаракатини тартибга солади. Худди шунингдек, инсон ҳам жаннатда Аллоҳнинг ҳузурига бориш, У Зотнинг жамолини кўришга лойиқ бўлиш учун ўзини поклаб, тайёргарлик кўриши ҳаётдаги энг муҳим ишлардандир.

Аллоҳ таоло покдир, бинобарин, фақат ва фақат пок ва тоза нарсани қабул қилади. Инсон уйига меҳмон таклиф қилса, ҳаммаёқни супуриб-сидириб, ҳовли-жойини тартибга келтиради, чунки келадиган меҳмонга ўзини ҳам, уй-жойини ҳам чиройли кўрсатишга ҳаракат қилади. Аммо бу инсоннинг кўзига кўринадиган зоҳирий гўзалликдир, ботиний гўзаллик эса инсоннинг қалбида бўлади ва уни фақат Роббимизгина кўра олади. Бир ҳадиси қудсийда: “Бандам бандаларнинг назари тушадиган жойни йиллаб тоза тутди, аммо Менинг назарим тушадиган жойни (қалбни) бир соат ҳам тозалаб қўймади”, дейилган. Демак, Қиёмат куни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга бўлишни истасак, энг муҳим ишимиз нафсни гуноҳ ва маъсиятлардан тоза тутишдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Жаброил алайҳиссаломни “руҳул қудус” деб номлаган, чунки бу буюк фаришта илоҳий ваҳийни – ояти карималарни пайғамбарларга етказишда ҳар қандай айбу камчиликлардан, нуқсонлардан холи бўлган, унутиш, ўзгартириш, ўрнини алмаштириш, қўшимча қилиш, ўчириб юбориш, муболаға қилиш каби ишлардан пок бўлган.

Ал-Қуддус сифатининг маъноси пок деган маънони англатар экан, бунинг яна бир ҳикмати шуки, Аллоҳ таоло гуноҳ ва айблардан пок бўлсаккина амалларимизни қабул қилади демакдир. Аллоҳим! Сени айбу нуқсонлардан поклаб ёд этамиз, Сенга боғланиш учун нафсларимизни гуноҳлардан поклаймиз.

Ал-Қуддус сифатидаги поклаш ва улуғлаш деган маъноларга янада чуқурроқ қарасак, бунинг асли тавҳид эканини англаймиз. Банда ўрганиши керак бўлган нарсаларнинг энг афзали тавҳиддир. Тавҳид деганда ибодатда Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзини ирода қилиш тушунилади.

Ал-Қуддус сифатининг маъноси Аллоҳни инсоний сифатларнинг барчасидан поклашдир. Гоҳида инсон Аллоҳни ота каби меҳрибон ёки қози каби адолатли деб тасаввур қилади. Аммо Аллоҳнинг Зоти бу каби ўхшатишлардан йироқдир. Инсон ўзига етиб келган илм ва онг доирасида адолатни қозига, раҳмдилликни отага нисбат беради. Аммо Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳар қандай инсоний сифатлардан мутлақо йироқдир. Шунинг учун баъзи уламолар “Фикрингга келган барча нарсада Аллоҳ унинг аксидир”, дейишган.

Масалан, “мунтақим” (интиқом, қасос олувчи) деган сўз инсонга нисбатан ишлатилса, бу ижобий бўлмайди, мунтақим деб сифатланган одамнинг ўзи ҳам бундан мамнун бўлмайди. Аммо “ал-Мунтақим” Аллоҳнинг гўзал исмларидан бири бўлиб, золимларни зулмдан тўхтатиш учун интиқом олувчи деган маънони англатади. Золим, гуноҳкор бандадан интиқом олинса, мазлумларга тасалли бўлади, чунки зўравон одамни фақат ўлим тўхтатади.

Шунинг учун Аллоҳнинг Зоти ва сифатларини ҳақиқий маънода фақат Аллоҳнинг Ўзигина мукаммал танийди. Ҳатто пайғамбарларнинг ҳам Аллоҳни таниши мутлақ эмас, нисбийдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Гуноҳларинг учун истиғфор айт”, деган (Муҳаммад сураси, 19 оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга ҳар юзланганларида янгича бир тушунчага эга бўлардилар, ҳатто аввалги тушунчаларидан уялиб кетардилар. Дарвоқе, такбир калимаси, яъни “Аллоҳу акбар” жумласининг кўплаб маъноларидан бири “Аллоҳ сен билганингдан кўра буюкроқдир”, демакдир.

Диннинг асли маърифатуллоҳ, яъни Аллоҳни танишдир. У Зотни танисанг, Унинг тоатига шўнғийсан.

Биз ожиз бандалар Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини билишга ниҳоятда муҳтожмиз, чунки бу илм диннинг асосларидан биридир, ҳатто Ислом ақийдасининг нозик, дақиқ, аммо муҳим ва ажралмас қисмидир.

Ал-Қуддус исми Аллоҳнинг зотига далолат қилади, шунинг учун у “исми зот”дир, қудусий сифатга далолат қилгани учун эса “исми сифат”дир, Аллоҳнинг феълига васф бўлгани учун “исми феъл” ҳамдир. Демак, ал-Қуддус исми ҳам зот, ҳам исми сифат, ҳам исми феълдир.

Аллоҳ таоло Ўз зотида муқаддасдир ва барча айбу нуқсондан холидир, чунки У барча камолот сифатлари билан васф қилингандир. Аллоҳнинг Ўзи муқаддасдир, Ўзи хоҳлаган бандаларини ҳам муқаддас қилур.

Ҳадисда: “Аллоҳ бир умматни муқаддас қилмайди, агар заифнинг ҳаққини олиб бермаса”, дейилган (Имом Ҳоким ривояти).

Бунда икки ишора бор.

Биринчиси шуки, Аллоҳнинг қонунига мувофиқ, агар заифга ёрдам берсак, заифни қўллаган бўламиз, уни ҳалокатдан сақлаб қолган бўламиз, натижада бундай адолатни жорий қилган уммат доимо омон бўлади.

Иккинчи ишора тавҳидга оиддир. Заифга ёрдам бериб, очларга овқат, кийимсизга либос улашсак ва мазлумга ёрдам берсак, Аллоҳ бизни ҳам ана шу амалимизнинг жинсида мукофотлайди, мукофотлаганда ҳам биздан кучли Зот мукофотлайди.

Салмон Форсий айтадилар: “Ер ҳеч кимни муқаддас қилмайди. Инсонни қилган амали муқаддас қилади. Банда тўғри йўлда юрса, тоза ва покиза бўлса, ботини зоҳири каби бўлса, муқаддас бўлади. Аллоҳ муқаддас қилган соғлом қалб деганда Аллоҳ рози бўлмайдиган шаҳвоний нарсани истамайдиган қалб тушунилади. Бундай қалб бидъат аралашмаган суннатни маҳкам ушлайди, Аллоҳнинг ваҳийсига зид бўлган хабарни тасдиқламайди. Соғлом қалбли киши фақат Аллоҳнинг шариати билан ҳукм юритади ва Унинг Ўзигагина ибодат қилади. Ибодат ихтиёрий тоат бўлиб, қалбий муҳаббат билан қоришган бўлади, унинг асоси кучли ишонч бўлиб, инсонни абадий саодатга олиб боради.

Ал-Қуддус сифатли Зот ибодат қилувчи бандаларининг қалбини нопокликлардан тозалаб, муқаддас қилувчидир.

Ал-Қуддус сифатли Зот зоҳидларнинг қалбини дунё муҳаббатидан тўсиб, муқаддас қилувчидир.

Усул олимлари бу маънонинг аксини айтадилар, яъни ким ҳавои нафсини Аллоҳ чизиб берган тўғри йўл билан қондирса, гуноҳкор бўлмайди. Масалан, шаҳвати аёлни тусаб, унга ҳалол никоҳ билан қовушса, Аллоҳ бу никоҳга баракот беради. Нафс мол-дунёни тусаб қолганда уни ҳалол касб билан қўлга киритса, гуноҳкор бўлмайди. Демак, ким Аллоҳнинг ал-Қуддус исмини таниса, унинг маъносини англаса, нафсини ҳам, мол-мулкини ҳам ҳаромдан поклайди, тозалайди.

Бир олим зотни зиёрат қилдим. Ёшлари 96 да экан. Шифокорлар у кишини текшириб кўришса, айтарлик касаллик йўқ экан. У зот: “Аллоҳга қасамки, ҳаётимда бирор ҳаром иш қилганимни эслай олмайман”, дедилар.

Яна бир олим бор эдилар, кексайиб қолган бўлсалар ҳам, қоматлари тик, кўзлари ўткир эди, қулоқлари ҳам яхши эшитар эди. Бунинг сабабини сўрашганда у зот: “Болам! Биз ёшликда тана аъзоларимизни (гуноҳдан) муҳофаза қилган эдик, шунинг учун Аллоҳ қариганимизда ҳам уларни муҳофаза қилиб берди”, дедилар.

Ким тақво асосида ҳаёт кечирса, ҳаёти мазмунли кечади, буюк ҳаёт бўлади. Солиҳ амаллар юзга зиё, қалбга нур, ризққа баракот, баданга қувват бўлади, эл-юртнинг муҳаббатига сазовор қилади. Ёмонлик эса юзга хиралик, қалб ва қабрга зулмат, баданга толиқиш, ризққа танглик беради, эл-юртнинг нафратига учратади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши гоҳида гуноҳлари сабабли ризқидан маҳрум бўлади”, деганлар.

Ал-Қуддус исмининг моҳиятини англаб етган одам йўқотган нарсасига ғам қилмайди, Аллоҳни топганидан кейин бошқа нарсаларга эътибор бермайди.

Ал-Қуддус исмини билган одам куч-қувватли, бой одамга ўзини хор қилиб қўймайди, чунки мўмин кишининг шарафи тундаги ўқиган намози ва одамлардан беҳожатлиги билан бўлади.

Ҳар бир мўмин-мусулмон нафсини поклаб, барча ҳаром нарсалардан ўзини муқаддас тутмоғи лозим. Зеро, “Ҳаром нарсалардан четланиш билан Аллоҳга тақво қил, тавба қилувчилардан бўласан. Шубҳали нарсаларга шўнғишдан парҳез қил, покдомон кишилардан бўласан. Ҳаёт учун зарурат миқдоридан ошиғини қўлга киритма, оғир ҳисоб китобдан нажот топасан”, дейилган. Катта бозорга кирсангиз, одамларнинг эҳтиёжи нақадар кўплигини кўрасиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким эсон-омонликда, жисми офиятда тонг оттирса ва ҳузурида бир кунлик ризқи бўлса, унга бутун дунё бўйсундириб қўйилгандекдир”, деганлар (Имом Бухорий, Термизий ва Ибн Можа ривояти).

Ал-Қуддус исми олдидаги мажбуриятимиз нафсимизни турли разолатлардан холи қилиб, поклаб, мусаффо ҳолга келтиришдир.

Аллоҳ таоло барчамизга ал-Қуддус сифатига муносиб пок ва салим қалб насиб этсин!

Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг «Аллоҳнинг гўзал исмлари» номли асари асосида Анвар Аҳмад таржимаси.

Манба

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*