Бош саҳифа » Мақолалар » Бировнинг ҳаққи

Бировнинг ҳаққи

Яқинда бир воқеанииг гувоҳи бўлдим. Икки дўст шерикчилик асосида кичик корхона қурмоқчи бўлишиб, ўртага баравар пул ташлашди. Иккинчисининг хорижлик сармоядор таниши бор экан, уни зарур дастгоҳлар олиб беришга кўндиришди.

Иш қизиб кетди. Шаҳарнинг қоқ марказида нақшлар билан безанган корхона биноси тикланди. Дастгоҳлар келтириб ўрнатилди. Ишлар юришиб, маҳсулот ҳам харидоргир чиқиб қолди. Фойда катталашаётганини кўрган биринчи йигитни шайтон васваса қила бошлади: “Шунча пулни индамай анави икковига бериб юборавераманми? Қурилишни асосан ўзим қилган бўлсам. Пул кўшган бўлса, қайтарарман. Мободо, кўнмаса, додини Худога айтсин!”

Хуллас, у шеригига пулни бўлтак-сўлтак қилиб қайтарди. Ўртадаги шартни бузиб, корхонага якка ўзи хўжайин бўлиб олди. Маблағ қўшган, елиб-югурган, хориждан дастгоҳ келтирган нариги шерик “додини Худога айтиб” қолаверди…

Бозор иқтисодиёти муаммолари нафақат кишилар турмушига, балки улар ўртасидаги муносабатларга, ахлоқ-одобга, одамийлик кўринишларига ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Бугун кимдир шеригининг ўртадаги маблағни ўмариб кетганидан зорланиб юрибди. Яна бирови танишининг қарз олиб, бермай кетганидан фиғони фалакда. Савдода эса, алдамчилик, тарозидан уриш, айбли молни мақтаб сотиш, судхўрлик каби иллатлар одатий тусга кириб боряпти. Хуллас, аксарият одамлар ўзгаларнинг ҳаққидан кўрқмайдиган, ҳазар қилмайдиган бўлиб қолди. Нега шундай?

Аслида, бу ярамас иллатларнинг илдизлари анча илгарига бориб тақалади. Зўравон советлар ҳукумати одамларнинг ер-сувини, мол-мулкини, бойлигини тортиб олди. Ҳамма нарса умумники, деган шиорни зўр бериб тарғиб қилди. Оқибат, “бировнинг ҳаққи” деган тушунча истеъмолдан чиқди. Ҳеч ким ўзганинг ҳаққидан чўчимайдиган бўлиб қолди. Ваҳоланки, болшавойлар босқинига кадар бу ўлкада мусулмонларнинг аксари ҳалолликда, покликда, тақвода, бировнинг ҳаққидан қўрқишда ном чиқарган эди. Улуғ алломаларимизнинг, салафи солиҳларнинг ҳаётлари, амаллари, ибратлари тилдан тушмасди, уларга эргашиларди. Қолаверса, бировнинг ҳаққини еган, харидор ҳаққидан уриб қолган, ўзгани алдаган ёки зулм қилган одамлар муқаррар жазосини оларди…

Келинг, биз ҳам аждодларимизнинг ибратомуз фазилатларига бир қур назар ташлайлик.

Мазҳаббошимиз Имоми Аъзамнинг тақволари, ҳалолликлари, ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилишлари ҳақида замондошлари кўплаб воқеаларни нақл этишган. Бу зот молнинг нуқсонини айтишни унутиб сотгани учун савдогарликдаги ўттиз йиллик шериклари Ҳафс ибн Абдураҳмон билан ажрашиб кетганлар.

Бир куни қўй ўғирланганини эшитадилар. Ва кишилардан қўй неча йил умр кўришини сўрайдилар. “Етти йил”, дея жавоб қилишади. У зот ўша ўғирланган қўйнинг гўшти овқатимга аралашиб қолмасин, деб етти йилгача қўй гўшти тановул қилмайдилар.

Ҳазрати Амир Кулолнинг онаси айтади: “Кулол қорнимда экан, ногоҳ шубҳали луқма ютиб қўйсам, кўкрагим остида шу қадар қаттиқ оғриқ турардики, ҳатто ҳушдан кетиб қолардим. Кейин маълум бўлдики, бу ҳол покиза фарзандим баракотидан экан”.

Тақво ва зуҳдда, ҳалоллик ва покликда ном чиқарган бир наманганлик киши ҳақида сўзлаб беришган эди. У зот ниҳоятда камбағал бўлиб, маҳалла аҳли маблағ тўплаб, уйлаб кўйган экан. Уйи йўқлигидан бировнинг ҳовлисида ижарада ўтираркан. Бирин-кетин фарзандлар туғилгач, қўни-кўшнилар маслаҳатни бир жойга қўйиб, ҳашар билан уй қуриб беришибди. Бир куни қарашса, у янги ҳовлини ташлаб, яна ўша эски жойига кўчиб келибди. Сабабини сўрашса, индамабди. Қистовга олишавергач, воқеани айтиб берибди. Маълум бўлишича, қўшнининг бир туп ўриги девор оша буларнинг ҳовлисига ҳам шохлаган экан. Ўрик пишганда тўкилганларини фарзанди оғзига солганини кўриб, ҳовлини тарк этиб келаверибди. Гўдакларининг халқуми бошқанинг ҳаққи билан булғанишини истамабди.

Ўтмишда бунақа воқеалар жуда кўп бўлган. Халқимиз бировнинг ҳаққи деб ҳаттоки девор оша осилиб турган дарахт шохини синдириб, тиш ковламаган, таклиф қилинмаган жойга бормаган, изн сўрамасдан кирмаган, дастурхондан ҳеч нарсани фарзанд-набираларига илинмаган.

Ана шундай ҳаёт кечирган ота-боболарнинг фарзандлари бугунга келиб ўзганинг ҳаққидан қўрқиш ўрнига ҳеч тап тортмай, алдов билан бировнинг молини тортиб олишгача, шерикларга хиёнат қилишгача етиб боришяпти. Тўй-маъракага борган айрим кишилар “боламга, набирамга”, дея чўнтакларини конфет, пистага тўлдириб қайтади. Боғчада, шифохонада, билим юртида ишлайдиганларнинг баъзилари сумкани тўлатиб кетишади. Айримлар бировдан пул, буюм, мол олиб, қайтариш “эсларидан чиқиб” қолаверади. Ишхонасидан у ёки бу нарсани кўтариб кетаверадиганлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ҳол шунга бориб етдики, одамларники қолиб, Аллоҳ таолонинг байти масжидлардан гилам, китоб ва бошқа буюмларни ўғирлашдан ҳам ҳазар қилинмайдиган бўлиб қолди.

Хўш, ана шундай ўғирлаб, алдаб ёки зўрлик билан топилган овқатни еб катта бўлган фарзандларимиз келажакда ким бўлиб етишади? Уларнинг ахлоқи, тарбияси қандай бўлади?

Қуйидаги ривоят бугун биз учун етарли сабоқ бўлар, балки.

Бир болакай доим айрончининг айрон халтасини бигиз билан тешиб, шимиб қочаркан. Айрончи охири боланинг отасига шикоят қилибди.

Ота ўйланиб қолибди: “Ўғли қачон ҳаром луқма еди экан?” Ўйлаб ўйига етолмабди. Кейин хотинидан сўрабди. Хотини ҳам ҳеч қачон шубҳали таом едирмаганини айтибди. “Йўқ, — дебди эр, — фақат ҳалол еб ўсган бола ҳеч қачон ўғрилик қилмайди. Кейин хотини ўйлай-ўйлай бир ҳолни эслабди… Ҳомиладорлик пайтида дугонасиникига борган, у ерда ўсиб турган лимонни кўриб, кўнгли суст кетган, дугонаси чиққанида игнатугма билан лимонни тешиб озгина шимган экан. Эрга ҳамма нарса ойдинлашибди, хотинига дакки бериб айтибдики: “Сенинг қўлингдаги игна болангнинг қўлига бигиз бўлиб қайтди”.

Ҳаром таомдан улғайган бола, албатта, бузуқ, зулмкор бўлади, унга ҳеч қандай панд-насиҳат, таълим кор килмайди, чунки ҳаромда шайтон бор, ҳаром луқма билан бирга шайтоний табиат ҳам боланинг танига сингиб боради. Бежизга Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ — ҳаром йўллар билан еманглар! (Яъни, бир-бирингизнинг ҳаққингизни еманг!) Ва билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини ҳаром йўл билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг!” деб огоҳлантирмаган (Бақара, 188). Абу Саид Худрийнинг ривоят қилишича эса, Ҳазрати Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Кимки ҳалол еб-ичса, суннатга мувофиқ амал қилса, одамларга зарар етказмаса, жаннатга киради”, деганлар. Ҳа, бировнинг ҳаққини ейиш ҳаром экани Қуръони Карим ва суннати набавийа ҳукми ила собит бўлган. Ким ўзини уларга таслим санаса, ҳаромдан ҳазар қилсин, ўзганинг ҳаққига тажовуздан тийилсин. Шундагана Ислом уммати номига муносиб бўламиз.

Аҳмад МУҲАММАД ТУРСУН

«Ҳидоят» журнали, 2000 йил, 2-сон

www.ziyouz.com кутубхонасидан фойдаланилди

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*