Бош саҳифа » Илм » Ўзга юрт фуқаролигини қабул қилиш масаласи

Ўзга юрт фуқаролигини қабул қилиш масаласи

Бугунги кунда глобаллашув жараёнлари, фан ва техниканинг тезлик билан ривожланиши натижасида инсонлар тарихда бўлмаган кўплаб имкониятларга эга бўлмоқдалар. Жумладан, бир мамлакат фуқароси вазият тақозоси билан бошқа юрт фуқаролигини осонлик билан қабул қилмоқда. Мусулмон уламолар барча масалаларда бўлгани каби бу масалада ҳам шариат ҳукмларини шарҳлаб беришган. Замонавий Ислом фиқҳида ушбу масала “тажаннус” (تجنس) деб аталмоқда. Масаланинг асосий моҳияти мусулмонларнинг аҳолисининг кўпчилик қисмини бошқа дин вакиллари ташкил этадиган давлатлар фуқаролигини олиш борасидадир.

Албатта, бошқа дин вакиллари истиқомат қиладиган давлатлар фуқаролигини олишнинг шаръий ҳукми шароит, вазият ва фуқаролик олиш мақсадларига қараб белгиланади.

Агар бирор мусулмоннинг ўз ватанида жонини сақлаш имкони бўлмаса, ўз динини сақлаш ва борган юртидаги кенг ёйилган разил ишлардан узоқ бўлиш шарти билан бошқа дин вакиллари яшайдиган давлатнинг фуқаролигини олиши ҳеч қандай кароҳиятсиз жоиз бўлади.

Шунингдек, ўз юртида зарурий эҳтиёжлар учун ишлаб касб қилиш имконияти бўлмаса ва зикр қилинган давлатлардан бошқа ерда бунинг имконини топмаган ҳолатда ҳам ўша давлатлар фуқаролигини олса бўлади. Чунки касб қилиш ҳаёт учун зарур ишлардан ҳисобланади. Шариат касб кор қилиш учун маълум жойни чегаралаб қўймаган. Аллоҳ таоло айтади: “У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир”.

Мусулмон киши агар ўз юртида ишлаб ризқ топиш имконияти бўла туриб, дабдабали ҳаётни хоҳлаб ўзга дин вакиллари яшайдиган юртларга кетадиган бўлса, бу иш кароҳиятдан холи бўлмайди. Тажриба шуни кўрсатадики,  бундай йўл тутган кишилар диний ва ахлоқий меъёрларда бир мунча камчиликларга йўл қўядилар.

Бундан ташқари ҳеч қандай заруратсиз ўзга дин вакиллари яшайдиган давлатларда яшашга ҳаракат қилиш фарзандлар тарбиясида ҳам бир қанча салбий ўзгаришлар бўлишига олиб келиши мумкин.

Шунингдек, аҳолисининг кўпчилик қисмини ўзга дин вакиллари ташкил этадиган (бугунги Ғарб) давлатлар фуқаролигини олишдан мақсад ўша давлат фуқаролигини улуғлаш ёки у билан фахрланиш ҳамда уни мусулмон давлатлар фуқаролигидан устун қўйиш бўлса, бу иш мутлақо ҳаром ҳисобланади. Бу борада далил келтиришга ҳам ҳожат йўқ.

Манба: Муфтий Тақий Усмонийнинг «Буҳус фи қозоя фиқҳийя муосира» китоби асосида тайёрланди, 329-331 бетлар

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*