Бош саҳифа » Мақолалар » Савоб бағишлашнинг саҳиҳ тариқаси

Савоб бағишлашнинг саҳиҳ тариқаси

Бир киши Ашраф Алий Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳдан: «Нима учун сизлар маййитга савоб бағишлашдан қайтарасизлар?» деб сўраган эди, у киши шундай дедилар:

«Маййитга савоб бағишлашдан ким манъ қилар экан? Ҳеч ким манъ қилмайди. Ҳа, унинг саҳиҳ тариқаси айтилади. Яъни савоб бағишлашнинг шаръий йўлини айтиш лозим.

Бу гапнинг тафсилоти шуки, мақсад маййитга савоб етишидир. Савоб ҳосил бўлиши эса амал қилувчининг ихлосига боғлиқ. Яъни, у амал фақат Аллоҳ таоло розилиги учунгина қилингани бўлиши лозим. Ихлоссиз қилинган амалга (у ҳар қанча катта иш бўлса ҳам ва уни бажаришда кўп машаққатлар чекилган бўлса ҳам) ҳеч қандай савоб берилмайди. Расму русумга эргашиш, яъни бир ишни шариъат айтгани учун эмас, балки урфда бўлгани учун ёки ўзаро фахр учун қилишда қаердан ҳам ихлос бўлсин? Ҳозирги кундаги савоб бағишлашлардан манъ қилишнинг сабаби шудир.

Ихлос бўлган тақдирда ҳам бир кўриниш иккинчи кўринишдан афзал туради. Энди бу гапнинг тафсилоти шуки, таом егиздириш, либос кийдириш, пул бериш — бу ишларнинг ҳаммасидан савоб етади. Лекин бунинг ҳам икки кўриниши бор. Бири шуки, айтилган нарсаларни муҳтожга махфий тарзда берилади. Иккинчиси эса таом пишириб, одамларга уни егиздирилади. Бу иккинчи кўринишдан биринчи кўриниш афзал ҳисобланади, башартики, бу иккинчи кўринишда ҳам ихлос бўлса. Агар ихлос бўлмаса, балки риё ва тафохур (ўзаро фахрланиш) бўлса, аниқки, иккинчи кўриниш лағв ва бекорчи иш бўлади. Пул харажат бўлса-ю, маййитга савоб ҳам етмаса, ўзингиз айтинг, бу — манъ қилинадиган иш эмасми? Бу кунларда ғолиби одат мана шудир. Умуман олганда ҳаммада «Агар ҳеч нарса қилмасам, одамлар «Фалончининг меросхўрлари бирор нарса қилмади», деб гапиради?» деган хаёл бўлади. Шунинг учун бошқаларга кўрсатмай, махфий тарзда беришни, бошқача айтганда, мол сарф бўлса-ю, буни бирор киши билмай қолишини дили истамайди. Айтингчи, шу ишда савоб бўлиши мумкинми?

Агар бу ишни қилаётган кишида риё нияти бўлмаса, балки ихлос билан қилаётган бўлса ҳам, унга шундай маслаҳат бериладики, ҳожатманд ва заруратманд одамларга яширин суратда ёрдам бериш керак. Мисол учун бир қоп гуручни муҳтожларга пишириб бергандан, пиширмай тарқатиш яхшироқ саналади ва бунда мискинлар учун манфаат кўпроқ бўлади. Зеро пишириб берганингизда камбағалнинг ўзи еса, пиширмай тарқатсангиз у бутун оиласи билан баҳраманд бўлади. Асосийси, бу иш риёдан узоқроқ туради»

«Малфузот», 5-ж, 254-б.
Ёрқинжон қори Фозилов

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*