Бош саҳифа » Мақолалар » Вилоят одамларининг соддалиги

Вилоят одамларининг соддалиги

Ашраф Алий Таҳонавий бир куни шундай дедилар: «Аксар вилоятларнинг одамларида ҳозир ҳам соддалик, холислик, мурувват (одамгарчилик) ва муҳаббат бор. Лекин Ҳиндистоннинг инглизлар ғалаба қилган жойларида на одоб, на холислик, на одамгарчилик ва на соддалик бор. У ердаги одамларнинг ҳар бири кўзингизга «Фиръавни бесомон», яъни асбоб-анжомсиз Фиръавн бўлиб кўринади. Ўзи ҳеч вақоси йўқ, лекин кибру ғурури оламни тутади.

Вилоятларнинг соддалиги ҳақида гап кетганда бир воқеа ёдимга келди. Ундан уламонинг соддалиги билан мамлакат волийларининг ҳам қай даражада содда бўлганини билиб олса бўлади. Бўпал шаҳрида мавлоно Абдулқайюм номли жуда улуғ олим яшар эди. Бир маротаба Бўпал вилоятининг ҳокими Сакандар Бегим деган аёл у кишининг зиёратига келди. У хайрлашиб қайтаётганида мавлоно Абдулқайюм унинг пойафзалини тўғирлаб қўйди. Бегим соҳиба хижолат бўлиб: «Ҳазрат, мени гуноҳкор қилдингиз», деди. Мавлоно Абдулқайюм: «Мен сизни улуғ киши деб кавушингизни тўғриладим», деди. Бегим соҳиба: «Қайси ишим учун сиз мени улуғ, деб санайсиз?» деди. Мавлоно шундай деди: «Умримнинг жуда кўп қисми сизнинг шаҳрингизда ваъз айтиш ва бева аёлларни никоҳланишга тарғиб қилиш билан ўтди. Лекин ҳозиргача уларнинг бирортаси ҳам турмуш қурмади. Менинг улуғлигим шу. Энди сиз ҳам ўз улуғлигингизни синаб кўринг. Мен айтган масалада умумий бир фармон чиқаринг. Шунда кўрасиз, қани, никоҳланмаган бирорта бева аёл қолармикин? Ўшанда қайси биримизнинг улуғроқ эканимиз маълум бўлади». Бегим соҳиба ақлли ҳамда диндор аёл эди. Эртаси куниёқ тонг отиши билан саройда туриб, бир муддатни белгилаб: «Мана шу муддат ичида барча бевалар никоҳланиши лозим, акс ҳолда улар жазоланадилар», деб қарор қабул қилди. Дарҳақиқат, ўшанда икки ҳафтага қолмай, Бўпал вилоятидаги барча аёллар турмуш қурган. Мавлононинг тадбири қандай иш берганини кўрдингизми? Бу воқеада волийнинг қай даражада содда бўлгани яққол билинади, зеро олимнинг зиёратига унинг ўзи келган. Олимнинг соддалиги шуки, зиёратчининг кавушини тўғрилашни ўзи учун ор деб билмаган. Лекин у киши ўзининг арзимас бўлиб кўринган биргина хизмати билан Бегим соҳибага ҳам жуда катта дийний бир хизмат қилдирган. Унинг мазкур қарори қанчадан-қанча чорасиз аёлларнинг боқувчи билан таъминланишига сабаб бўлган, асосийси, вилоятда зино тарқалишининг олди олинган.

Мавлоно Абдулқайюм жуда зариф, гапга уста, зийрак киши эди. Бир одам у кишидан савол сўради. Мавлоно унинг жавобини айтгач, савол берувчи ҳадисдан далил келтириб беришни сўради. Мавлоно шундай деди: «Мен янги мусулмон бўлган эмасманки, ҳадисни кўриб, амал қилишни бошласам. Менинг ота-бобом ҳаммаси мусулмон бўлган. Уларнинг қандай амал қилаётганини кўрган бўлсам, ўшандай амал қилиб келганман. Улар ҳам ўзларининг катталарини амал қилаётганини кўрган. Силсила бизда ана шундай келмоқда. Ҳадис талаб қилиш эса янги мусулмоннинг иши» деб жавоб берадилар.

Жуда ҳам маъноси чуқур, ажойиб гап. У зот бу гап билан мазҳабсизларга ишора қилган. Чунки уларнинг ўзларида ижтиҳод қилиш салоҳияти ҳам бўлмайди, ижтиҳод соҳиби бўлган олимларга тақлид ҳам қилмайдилар»

«Малфузот», 5-ж, 318-б.
Ёрқинжон қори Фозилжонов

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*