Бош саҳифа » Илм » Таъмадан ҳазар қилиш

Таъмадан ҳазар қилиш

Ашраф Алий Таҳонавий бир куни суҳбат асносида айтдилар:

“Бир воқеа ёдимга келди. Блигром шаҳрида бир улуғ олим бор эди. Бир куни у кишининг уйида егани овқати қолмади. Одатига кўра ўша куни ҳам дарс бергани ўтирганида шогирди юзи ва овозидан у кишининг қорни қаттиқ оч қолганини сезди. Шогирд уч-тўрт қатор ўқиб, китобни ёпди ва устозига:

“Бугун бироз мазам йўқ эди, сабоқни шу ерда тўхтатсак бўладими?” деди. Устозга ҳам бу гап маъқул келди. Шогирд уйига кетди. Бироздан кейин катта товоққа ширин-ширин таомлардан солиб, олиб келди ва устозига:

“Бу ҳадямни қабул қилинг”, деди. Шунда солиҳ устоз шундай деди:

“Бу ҳадя заруратим борлигида келди, лекин бир узр буни қабул қилиш учун менга монеълик қилади. У шуки, сен туриб кетганингда, менинг қалбимга сен таом олиб келгани кетган бўлсанг керак, деган хаёл келди. Ҳадисда шундай дейилади: “Нафсинг интилмасдан туриб келган нарсани қабул қил. Интизор бўлганингдан кейин келган нарсага эса нафсингни эргаштирма”. Бу ҳадя ҳам нафсим унга интилганидан кейин келди. Шунинг учун буни қабул қилиш суннатга хилоф бўлади”. Шогирд ҳам улуғ устоз суҳбати баракотидан жуда фаҳму фаросатли эди. Ҳадяни қабул қилишга устозини мажбур қилмади. Аксинча келтирган таомини қайтариб олиб кетди. Бироздан кейин яна келди ва устозига товоқни узатди. Устоз ҳайрон бўлиб:

“Бу нима қилганинг?” деди.

Шогир шундай деди: “Мен таомни қайтариб олиб кетганимда нафсингизнинг бундан умиди узилди. Мана энди нафсингиз интилмай турганида олиб келдим. Шунинг учун буни қабул қилинг”.

Ёрқинжон қори Фозилов таржимаси

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*