Бош саҳифа » Илм » Нима учун ўлимни ёқтирмаймиз?

Нима учун ўлимни ёқтирмаймиз?

Ҳикоя қилинишича, Сулаймон ибн Абдулмалик ҳажга кетаётиб, йўлда Мадинага кириб бир неча кун истиқомат қилди. Мадина аҳлидан: “Бу ерда саҳобаларни кўрган кимса борми?”, деб сўради. «Ҳа, Абу Ҳазим бор», дейишди. Уни айтиб келиш учун бир кишини юборди. Абу Ҳазим Сулаймоннинг ҳузурига келганда, Сулаймон унга: “Эй Абу Ҳазим, биз нима учун ўлимни ёқтирмаймиз”, деди.

Абу Ҳазим: «Чунки сизлар охиратингизни хароб қилдингиз, дунёнгизни эса обод қилдингиз. Шунинг учун обод бўлган жойдан хароб бўлган жойга кўчиб ўтишни ёқтирмайсизлар», деди.

Сулаймон: «Аллоҳнинг ҳузурига бориш қандай бўлади, эй Абу Ҳазим?», деди.

Абу Ҳазим: «Эй мўминларнинг амири, муҳсинлар (яъни, яхши амаллар қилувчилар) худди йўқолган киши аҳлининг ҳузурига қайтиб боргани каби бўлади (яъни, яхши кутиб олинади). Аммо ёмон амалларни қилувчи киши эса, қочган қулнинг хожаси ҳузурига қайтариб олиб келингани каби бўлади», деди.

Сулаймон йиғлади ва: «Эртанги кунда Аллоҳнинг ҳузурида менга нима ҳозирлаб қўйилганини билганимда эди!», деди.

Абу Ҳазим: «Нафсингни (яъни, амалларингни) Аллоҳнинг китобига солиштириб кўр, “Aлбaттa, яxшилaр (мўминлaр) нeъмaт (жaннaт)дaдирлaр, фoжирлaр эсa дўзaxдaдирлaр” (Инфитор, 13-14), деди.

Сулаймон: «Унда, Аллоҳнинг раҳмати қаерда?», деди.

Абу Ҳазим: «Мўминларга яқиндир (Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир». Аъроф, 56)», деди.

Сулаймон: «Аллоҳнинг қайси бандалари мукаррамроқдир, эй Абу Ҳазим?», деди.

Абу Ҳазим: «Яхшилик ва тақво аҳли бўлганлари», деди.

Сулаймон: «Амалларнинг энг яхшиси қайси?», деди.

Абу Ҳазим: «Фарзларни адо қилмоқ ва ҳаромлардан сақланмоқликдир», деди.

Сулаймон: «Қайси сўз энг тўғри сўздир?», деди.

Абу Ҳазим: «Ундан қўрққан ва умид қилган кимсанинг ҳузурида айтилган ҳақ сўз», деди.

Сулаймон: «Қайси мўмин энг зийрак (яъни, ақлли)дир?”, деди.

Абу Ҳазим: «Аллоҳнинг тоатида амал қилган ва одамларни ҳам шунга чақирган киши», деди.

Сулаймон: «Қайси мўмин энг зарар кўрувчи (яъни, аҳмоқдир)дир?», деди.

Абу Ҳазим: «Золим бўлиб турган биродарининг истак-хоҳишида қадам қўйган, натижада ўзганинг дунёсини деб ўзининг охиратини сотган киши», деди.

Сулаймон: «Биз ҳақимизда нима дейсан?», деди.

Абу Ҳазим: «Рухсат берасанми?», деди.

Сулаймон: «Албатта, ахир бу сенинг менга айтаётган насиҳатинг-ку!», деди.

Абу Ҳазим: «Эй мўминларнинг амири, отангизлар одамларни қилич билан бўйсундирди. Бу ҳукмронликни мусулмонлар билан маслаҳат қилмасдан, уларнинг розилигисиз, куч билан эгаллашди. Ҳатто улардан кўпчилигини қатл қилиб юборишди. Улар ўтиб кетишди. Уларнинг нима деганини ва улар ҳақида нима дейилганини билганингда эди!», деган эди, шу ерда ўтирган кишилардан бири “бунча ҳам ёмон гап гапирдинг!”, деди.

Абу Ҳазим: «Албатта, Аллоҳ таоло уламолардан инсонларга ҳақни баён қилишга, уни яширмасликка аҳду-паймон олган», деди.

Сулаймон: «Бу фасодни қандай тўғирлашимиз мумкин?», деди

Абу Ҳазим: «Ҳалолидан олиб, ҳақдор жойга қўймоғинг билан», деди.

Сулаймон: «Бунга ким ҳам қодир бўлади?», деди.

Абу Ҳазим: «Дўзахдан қўрқиб, жаннатни талаб қилган киши», деди.

Сулаймон: «Менга дуо қил», деди.

Абу Ҳазим: «Аллоҳим, агар Сулаймон дўстинг бўлса, уни дунё ва охират яхшилигига муяссар қил! Агар Сулаймон душманинг бўлса, уни пешонасидан тутиб, Ўзинг яхши кўрган ва рози бўлган нарсага қўй!», деб дуо қилди.

Сулаймон: «Менга васият қил», деди.

Абу Ҳазим: «Қисқагина васият қиламан: Роббингни улуғла ва У қайтарган жойда сени кўришидан, У буюрган жойда сени йўқотиб қўйишидан Уни поклагин!», деди.

«Ҳикматлар чашмаси»дан

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*