Бош саҳифа » Мақолалар » Ўтганларни хотирлаш

Ўтганларни хотирлаш

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

اذكروا محاسن موتاكم، وكفوا عن مساويهم

Яъни: “Сизлар маййитларингизни яхши сифатларини зикр қилингиз ва ёмонликларидан тилингизни тийингиз”, деганлар (Абу Довуд ривояти).

Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадиларки, шу ўринда бир савол пайдо бўлади. Тирик инсонларнинг ортидан ҳам ёмонлаб гапириш жойиз эмас. Балки, тирикларнинг ҳам фақат яхшиликларини гапириш керак. Агар ортларидан ёмонликлари гапирилса, у ҳолда ғийбат бўлади ва ғийбат ҳаромдир. Юқоридаги ҳадиси шарифда, алоҳида маййитларни ҳам ортидан ёмонликларини гапиришликдан қайтарилди. Чунки, тирикларнинг ғийбати ҳаром бўлганидек, маййитларни ҳақорат қилиш, уларни ёмонлаш, айбларини айтиш ва ғийбат қилишлик икки баравар ҳаромдир. Чунки, агар тирик одамни ғийбат қилса, умид борки, у билан бир кун учрашиб қолса, ундан розилик сўраб ҳаққини ҳалол қилиб олар. Лекин, маййит Аллоҳ таолонинг ҳузурига кетиб бўлган. Энди ундан ҳаққини ҳалол қила олмайди. Ғийбати учун розилик сўрай олмайди. Шунинг учун тирикнинг ғийбатидан кўра маййитнинг ғийбати икки карра оғирроқ гуноҳ бўлади.

Ўтганларни ғийбат қилмасликнинг сабабларидан яна бири шуки, энди маййит Аллоҳ таолонинг ҳузурига кетиб бўлди. Сиз зикр қилаётган унинг ёмонликларини, эҳтимол Аллоҳ таоло фазлига олиб кечириб юборгандир. Бундай ҳолатда Аллоҳ таоло маййитдан кечириб юборган ўша ёмонликларни, уни ғийбат қилишлик билан сиз ўз бўйнингизга олиб ўтирасиз. Бунинг маъноси шуки, сиз Аллоҳ таолонинг қарорига эътироз билдираётган бўласиз: «Эй, Аллоҳ! Сен бу одамни кечириб юбординг. Лекин мен кечирмайман, у жуда ёмон одам эди», деган бўласиз. Шунинг учун ўтганларни хотирлаганда уларни ёмонликларини гапирмаслик зарур бўлади.

Юқоридаги ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтганларни ёмонликларини гапиришдан қайтаришлик билан бирга, яхшиликларини гапиришга буюрдилар. Мен баъзи улуғларимиздан бунинг ҳикматини шундай деб эшитганман. Қачонки, бирор кимса ўтиб кетган маййитни хотирлаб бирор яхшилигини эсласа, тириклик вақтида қилган яхшиликларини зикр қилса, ўша вафот этган банда ҳақида бу гувоҳлик бўлади. Мана шу гувоҳлик сабабли, Аллоҳ таоло ўша маййитни фазлига олиб мағфират қилиб юбориши мумкин. Бу маййитни яхшилигини зикр қилишдаги маййитга бўладиган фойдадир. Энди, сизнинг гувоҳлигингиз сабабли, Аллоҳ таоло у маййитни мағфират қилиб юборганидан кейин, маййитга фойдангиз теккани учун Аллоҳ таоло сизни ҳам мағфират қилиб юбориши мумкин. Бу маййитни яхшилигини зикр қилишдаги сизга бўладиган фойдадир, деганлар.

Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ. “Ислахий хутбаат” китобидан

Абдулқаййум Комил таржимаси

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*