Бош саҳифа » Мақолалар » Пайғамбарлар энг суюкли зотлардир

Пайғамбарлар энг суюкли зотлардир

Коинотда Аллоҳ таолога энг суюкли зотлар анбиёлардир. Улардан кўра Аллоҳга маҳбуб бирортаси бўлиши мумкин эмас. Шундай бўлсада бирорта пайғамбар мисли кўрилмаган имтиҳон ва балолардан холи бўлган эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бир нечаларига берган баъзи бир имтиҳонларини зикр қилган. Уларни ўқиган инсон “Аллоҳ Ўзи суйган бандаларини мунчалар қаттиқ имтиҳон қилмаса” деб қолади. Нуҳ алайҳиссаломни кўринг, қавмидан кўрмаган зулми ситамлари қолмади. Ҳатто уйланган аёли ҳам хоин чиқиб, у зотга иймон келтирганларни қавмига сотиб борадиган ва қавми уларни азобга соладиган бўлган. Охир-оқибат хотин тўфон балосида ғарқ бўлди. Иброҳим алайҳиссалом ўз ўғлини қурбонлик қилишларига буюрилдилар, ўтга ташландилар. Энг қаттиқ душмани ўзларининг отаси бўлди. Оддий иймон келтирган кишининг отаси бенамоз бўлиши фарзандга қанчалар азобли. У зотнинг отаси эса, иймонсиз бўлибгина қолмай буттарош бўлган. Охиратни қандайлигини билган кишига отасининг оқибатини қандайлигини билиш қанчалар аламли?

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг қаттиқ балоларга дучор бўлувчиси ким?” дедим. У зот: “Пайғамбарлар, сўнг уларга яқинлар, сўнг яқинлар. Киши динига қараб имтиҳон қилинади. Дини метин бўлганнинг имтиҳони ҳам қаттиқ бўлади, дини сустроқ бўлса, динининг тақозосича имтиҳон қилинади. Бало бандадан ажралмай туриб олади ва охир-оқибат уни ер юзида бирорта ҳам хатоси қолмаган ҳолда юрадиган қилади” дедилар” (Термизий ривояти).

Ушбу ҳадисда турли касаллик, ғам-ташвишга ботиб, қалби Аллоҳ таолога боғланган ва дуо ва истиғфорни ўзига одат қилганларга башорат бор. Бу бало Аллоҳнинг қаҳри эмасдир.

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*