Бош саҳифа » Мақолалар » Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Сизлардан ҳеч бирингиз мен унга отасидан ҳам, боласидан ҳам, одамларнинг барчасидан ҳам севиклироқ бўлмагунимча мўъмин бўлолмайди”.

Бу ҳадисда иймоннинг комиллиги нафий қилинган. Яъни, модомики, кишининг Набиййи карим соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббати ўзининг барча яқинларининг муҳаббатидан ортиқроқ бўлмас экан комил мусулмон бўлолмайди. Лекин ваъид (қўрқитиш) ўз ўрнида боқий туриши учун ҳадисни таржима қилишда бу (“комил” деган) қайдни айтмаслик яхши.

Муҳаббатнинг қисмлари

Бу ҳадисда қайси муҳаббат назарда тутилгани ҳақида баҳслар бўлган. Табъий муҳаббатми ёки ақлий муҳаббатми? Муҳаддисларнинг кўпчилиги ундан ақлий муҳаббат ирода қилинган деган фикрдалар. Чунки ақлий муҳаббат ихтиёрий бўлади. Банда ихтиёрсиз ишларга эмас, балки ўз ихтиёри билан қиладиган ишларга мукаллафдир. Ақлий муҳаббат эгаси бирор ножоиз (суннатга хилоф) ишга кўнгли моил бўлса ҳам, ўз ақли билан Набиййи карим соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишда дунёвий ва ухровий, ҳақиқий фойда борлигини англаб, суннатга амал қилади. Ақлий муҳаббат завол топмайди, йўқолмайди. Табъий муҳаббат дейилганда эса нафснинг бир нарсага моил бўлиши, яъни табиатан уни яхши кўриш тушунилади. Бу – бир нафсоний кайфият бўлиб, ғайри ихтиёрийдир. Шунинг учун у иймоннинг жузи бўлолмайди. Яна у эътимодга (суянишга) ҳам лойиқ эмас. Гоҳида зойил (йўқ) бўлиб қолиши ҳам мумкин. Мисол учун, отанинг ўз фарзандига табъий муҳаббати бўлади, лекин итоатсизлик сабабли бу муҳаббат гоҳида йўқ бўлиб қолади. Ақлий муҳаббат эса ҳаргиз йўқолмайди. Шунинг учун бу ўринда мана шу муроддир. Чунончи, Шоҳ Исмоил раҳимаҳуллоҳ далил ва ҳужжатлар билан буни исбот қилганлар. Аллома Хаттобий раҳимаҳуллоҳ ҳам шу фикрдалар.

Улуғ сўфийлар ҳамда муҳаддисларнинг муҳаққиқлари эса бу ўринда муҳаббатдан табъий муҳаббат ирода қилинган деб ҳисоблайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тасаввур қилиш билан комил мусулмоннинг табиати шоду хуррам бўлади, руҳи У зотни эслаш билан озуқаланади, тили У зотни зикр қилиш билан лаззат ҳосил қилади, У кишининг муборак номлари айтилиши билан қалби хотиржамлик сезади. Мазкур нарсалар эса табъий муҳаббатнинг тақозосидир. Комиллик шундадир. Ақлий муҳаббат бир фаразий ва фалсафий нарса бўлиб, зоҳирда (воқеъликда) унинг ҳеч бир ҳақиқати йўқ. Хуллас, бу фалсафий ҳамда сўфий табиатдаги зотларнинг орасидаги ихтилофдир.

Шайхимиз аллома Саййид Биннурий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ҳадисда фақат ақлий муҳаббат ҳам мурод эмас, фақат табъий муҳаббат ҳам. Балки ундан шундай табъий муҳаббат ирода қилинганки, бунёд ва асоси ақлий муҳаббат бўлсин. Яъни бошланиши ақлий муҳаббат бўлсин ва бу тараққий қилиб табъийга айлансин. Саҳобаи киром розияллоҳу анҳумнинг ҳолатларини мутоала қилишдан у кишиларнинг муҳаббатлари табъий бўлгани билинади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз ота-оналари ҳамда хешу ақраболаридан ҳам ортиқроқ яхши кўрганлар. Саҳобаи киром розияллоҳу анҳум мана шу табъий муҳаббатни амалда ҳам исбот қилганлар. Мисол учун, Абу Талҳа розияллоҳу анҳу Уҳуд жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қиламан деб бутун баданлари жароҳатланган, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир ўқ тегишига ҳам қўймаганлар. Бир аёл ўзининг эри, ўғли ҳамда акасининг ўлими ҳақидаги хабарни эшитганида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этмаганларини билгани учун парво қилмаган. Ибн Зубайр розияллоҳу анҳу У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қонларини ичиб юборганлар. Фақат ақлий муҳаббат билан бу қадар ийсор (вафодорлик, ўзини қурбон қилиш) бўлиши мумкин эмас, бу ишлар табъий муҳаббат билангина бўлади. Масалан, гуноҳ ақлий жиҳатдан олиб қаралганда нафратли нарса, лекин шаҳват (истак) ғолиб келса, ақл мағлуб бўлиб қолади. Натижада инсон ақлан ёмон деб билиб турган нарсани ҳам амалга ошириб қўяди. Аммо ёмон ишдан табиатан нафратланадиган киши гуноҳ қилиши мумкин эмас. Шунинг учун бу ўринда асос ва негизи ақлий бўлган табъий муҳаббат муроддир. Табъий бўлгани сабабли у комил бўлади, ақлий бўлгани сабабли эса заволга учрамайди.

Муҳаббат сабаблари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни нима учун бошқалардан кўра кўпроқ яхши кўриш керак? Энди шу ҳақда сўз юритамиз. Муҳаббатнинг тўртта сабаби бор: жамол, камол, навол, қаробат.

  1. Бировда жамол (гўзаллик) бўлса, кишида унга нисбатан муҳаббат пайдо бўлади. Жамолга ҳатто баъзи ҳайвонлар ҳам ошиқ бўлади. Мисол учун баъзи паррандалар ойнинг гўзаллигига ошиқ. Парвона чироқнинг ёруғлигига ошиқлигидан ҳатто жонини ҳам беради.
  2. Биров кимгадир навол (эҳсон) қилган бўлса, унга нисбатан ҳам муҳаббат туғилади. Инсон-ку ҳали инсон, ҳатто йиртқич ҳайвон ҳам эҳсон қилувчи кишини яхши кўриб қолади ва унга итоат қилади.
  3. Агар бировда гўзаллик ҳам, эҳсон ҳам бўлмаса, бироқ у камол ва фазилат эгаси бўлса, унга нисбатан ҳам муҳаббат пайдо бўлади. Мисол учун улуғ олим ёки хулқи гўзал кишини ҳар қанча хунук бўлган тақдирда ҳам, халқ яхши кўраверади.
  4. Қаробат (қариндошлик, яқинлик) сабабли муҳаббат бўлиши эса бадийҳий (далил келтиришга зарурат бўлмаган, ҳаммага маълум) нарса.

Кимгадир муҳаббат қилиниши учун айтиб ўтилган тўртта сабабдан лоақал биттаси унда мавжуд бўлиши лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда бу нарсаларнинг барчаси мукаммал тарзда мавжуд.

  1. Аллоҳ таоло Набиййи карим соллаллоҳу алайҳи ва салламни тамоми халойиқлар орасида энг гўзали қилиб яратган. Нима учун бундай бўлмасин?! Аллоҳ таоло Ўзининг энг севикли бандасини энг гўзал суратда яратади-да. Тўғри, ҳадисда Юсуф алайҳиссаломга жамолнинг ярми берилгани айтилган. Бироқ, гапиргувчи ҳукмдан хориж бўлади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан мустаснолар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ таоло барча гўзал ахлоқлар билан зийнатлагандек сурат ва шакл жиҳатидан ҳам инсонларнинг энг аълоси қилган. Бу гапга Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг бир шеърлари кифоя.

Ва аҳсана минка лам таро қотту айний,
Ва ажмала минка лам талидин нисау.

Хулиқта мубарроан мин кулли айбин,
Кааннака хулиқта кама ташау.

Таржимаси: Сиздан кўркамроқ кишини кўзим ҳаргиз кўрмади. Сиздан гўзалроқ кишини аёллар туғмади. Сиз барча айбдан пок ҳолда яратилдингиз. Гўёки сиз ўзингиз хоҳлагандек яратилганга ўхшайсиз.

Бундан ташқари шамоил китобларида У зотнинг жамоллари ҳақида жуда кўплаб ҳадислар келган.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдаги камолнинг эса ҳадду ҳисоби йўқ. Бу камол хоҳ илмий бўлсин, хоҳ амалий бўлсин, хоҳ ахлоқий бўлсин, хоҳ Аллоҳ таоло билан ораларидаги алоқага тегишли бўлсин, хоҳ инсонлар билан ораларидаги алоқага тегишли бўлсин. Аллоҳ таолонинг Ўзи пок каломида: “Сиз буюк хулқ устидасиз”, дея У зотни мақтаган. Пайғамбарларга тақсимлаб берган камолларнинг барчасини биргина У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига ато қилган. Шоир айтганидек, хулоса шуки,

Баъдаз Худо бузург туйи қисса мухтасар.

Таржимаси: Гапнинг қисқасини айтганда, Худодан кейинги энг улуғ зот сиздирсиз.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эҳсон ва раҳматлари шу даражадаки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Сизни оламларга фақат раҳмат қилиб жўнатдим”, (Анбиё, 107) дея марҳамат қилган. Одам фарзандларининг барчасини дўзахдан қутқаришга ҳаракат қилдилар, жуда кўпларини қутқардилар ҳам. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилган: “Дўзах чуқурининг лабида эдингиз, У Зот сизларни (Пайғамбарининг воситасида) ундан қутқарди” (Оли Имрон, 103). Абадий оловдан қутқариб қолишдан ортиқроқ эҳсон бўлиши мумкинми?

  2. Бу уччала сабаблар – жамол, камол, навол зоҳир бўлгани учун уларни осонгина англаш мумкин. Аммо қаробат (яқинлик, қариндошлик) сабаби эса бироз яшириндир. Лекин, яхшилаб ўйлаб кўрилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қаробатлари бошқа қаробатлардан ҳам кучлироқ экани маълум бўлади. Чунки, бошқаларнинг бизга қаробати жисмоний бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қаробатлари руҳонийдир. Қуръони каримда: “Набий мўъминларга уларнинг жонларидан ҳам яқинроқдир”, (Аҳзоб, 6) дейилган. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг қироатларида мазкур оят “Ва ҳува абун лаҳум”, яъни У Зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг отасидир, деган қўшимча билан ўқилган. У зотнинг аёллари бизга она бўлгач, Ўзлари ота бўлмайдиларми?! “Сунани Абу Довуд”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларга ота ўрнидаман”, дея марҳамат қилганлар.

Муҳаббат сабабларининг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда энг мукаммал ҳолатда топилгач, ақл ҳам У зотнинг муҳаббатлари бошқаларнинг муҳаббатидан зиёдароқ бўлишини тақозо этади.

Ёрқинжон Фозилов

суратлар википедиядан

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*