Бош саҳифа » Байт » Охират учун иморат

Охират учун иморат

Байт:

Пеш аз он к-аз табли реҳлат дасту поро гум куний,
Зоди роҳи жамъ кун эй бехабар то фурсатаст.

Таржимаси: “Эй бехабар, то фурсат бор экан кўчиш дўмбираси чалиниб, қўлу оёғингни йўқотишингдан олдин йўл озуқасини жамла”.

Аслида, бехабар дейилганда охират, жаннату дўзах, яхши-ёмон ишлар ҳамда ўлим ҳақида қулоғига умуман хабар етиб бормаган киши тушунилади. Мусулмонлар бу маънода бехабар эмаслар. Чунки улар мана шу хабарларга ишонганлари учун мусулмон бўлганлар. Хусусан, ўлим масаласида нафақат мусулмонлар, балки Аллоҳ таолога ишонмайдиган кофир ҳам тан беради. У ҳолда шоир бизни нима учун бехабар демоқда? Чунки, қилаётган ишларимизга қаралса, мазкур хабарлардан буткул бехабар қолган инсонга ўхшаймиз.

Ҳазрат Соиб роҳимаҳуллоҳ сизу бизга “Эй бехабар” дея хитоб қилиб, азиз умримизнинг қадрини  билишга, ҳаёт фурсатидан фойдаланиб қолишга ғайрату ҳиммат уйғотмоқчи бўлади.

Шу ўринда илмий бир нуқтаи назарни айтиб ўтсам: “Умр عمر” сўзининг ўзаги “ عمارة” “иморат”дир. Меъмор ва таъмир калималари ҳам шундан олинган. Буларнинг барчасида ободлик маъноси бор. Чунончи, иморат ва таъмир обод қилиш маъносини билдирса, “меъмор” сўзи обод қилувчи деган маънога далолат қилади. “Умр” дейилганда эса инсон баданининг нафас билан обод бўлиб турадиган муддати тушунилади. Бу муддат бир кунмас бир кун ўз ниҳоясига етади, бошқача айтганда ободликлар харобаликка айланади. Бу барчамизга аён. Шоир бу маънони “кўчиш дўмбираси чалинса, қўлу оёғинг йўқолиб қолади”, дея ифода қилади. Дарҳақиқат, кўчиш дўмбираси чалиниши билан қўлу оёқларимиз ишдан чиқади. Шундай экан, фурсат борида тана аъзоларимизни охиратда бизнинг фойдамизга хужжат бўладиган амаллар учун ишлатиб қолайлик. Тана мамлакати хароб бўлишидан олдин охират мамлакатини обод қилайлик. Ер устига эмас, балки ер остига ишлов берайлик.

Ёрқинжон Фозилов таржимаси

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*