Бош саҳифа » Мақолалар » Ислом манбаларида наботот дунёси ҳақидаги қарашлар

Ислом манбаларида наботот дунёси ҳақидаги қарашлар

Ўсимликлар дунёси тирик организмларнинг яшаши учун муҳим восита саналади. Агар ер юзида ўсимликлар бўлмаса тирик организмлар мавжуд бўла олмаслигини илм-фан исботлаб бўлган. Бу каби қарашлар диний манбаларда ҳам ўз ифодасини топган. Қуръон, ҳадислар ва ислом оламининг тарихий манбаларида ўсимликлар дунёси, кўкаламзорлаштириш ишлари, боғдорчилик масалаларига кенг эътибор қаратилган. Ўсимликлар қуёш энергиясидан таралаётган нурларни қайта ишлаб, инсоният учун фойдалисини қолдиради. Бу ҳолат фанда фотосинтез деб аталади. Фанда аниқланишича фотосинтез жараёнининг энг жадал суръати бу тонг вақтига тўғри келар экан. Фотосинтез жараёнининг тонгда актив эканлиги 1700 йилларда фан томонидан аниқланган бўлса, бундан 1400 йил олдин башариятга юборилган Қуръонда («Ат-Таквир» сурасида), мана шу жараён ҳақида маълумот берилган:

17. “Қоронғулиги билан кириб келган кеча билан қасам”.
18. “Нафас олиб, кириб келган тонг билан қасам”.

Ушбу оятдаги “тонг (уйғонувчи) нафас олувчи” жумласи айнан фотосинтез жараёнининг тонгда актив эканлигига далолат қилади. 1400 йил аввал инсонлар, ўсимликларнинг қуёш энергиясидан фойдаланган ҳолда кислород ишлаб чиқариши ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмас эдилар.

Маълумки, ўсимликлар дунёси инсон ҳаётида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Мисол учун ўсимликларнинг энг йирик тури ҳисобланмиш дарахтлар, инсонларнинг барча эҳтиёжлари учун хизмат қилиши, фан соҳаларидан базга маълум. Хусусан, Қуръонда ҳам дарахтлар ҳақида батафсил маълумотлар берилган. Олиб борилган изланишлар натижаси шундан далолат қиладики, барчаси бўлиб дарахтлар ҳақида Қуръоннинг 40 та жойида маълумот берилган. Мана шу оятларнинг 20 таси “хурмо” дарахти ҳақида эканлиги эътиборга молик.

Ислом манбалари ўсимликлар дунёсига тўхталар экан, дарахтлардан ташқари бир қатор ўсимликлар ҳақида маълумотлар беради. Мисол учун Қуръонда бир қатор ўсимлик турлари ҳақида маълумотлар келтирилган. Масалан улардан бири Манн дарахти.

Манн асал дарахти. Оромий тилда Манн араб халқлари дарахтлар атрофида пишиб етилган оппоқ унни кўриб унга қарата “Манн” яъни “нима бу?” деб мурожаат қилганлар. Манн ширинлиги икки хил ўсимликдан яъни “ҳаж” ва “шавкур жамал” ўсимликларидан олинади. Ушбу ўсимликнинг бўйи 3 фут, илдизи эса 15,20 футгача бўлади. Манн ширинлиги ҳақида Қуръони Каримнинг 3 та жойида маълумот берилга, жумладан: “…Ва уларга булутни соябон қилдик, манн ва беданаларни нозил қилдик” (Аъроф, 160-оят).

Хурмо дарахти. Қуръони Каримнинг 8 та жойида ёлғиз ва 12 жойида бошқа мевалар қаторида (узум, анор ва ҳ.з.) зикр қилинган. Тарихий маълумотларга асосан инсоният хурмо дарахтидан азалдан фойдаланган. Бундан 6000-8000 йиллар илгари хурмо дарахти Месопатамияда хонакилаштирилган деган маълумотлар бор. Унинг поясини қадимда қурилиш ашёси, баргларини эса гилам, елпигичлар ясашда ишлатишган. Қадимги араб қабилалари ўзаро уруш пайтида душман томоннинг хурмо боғларини кесиб ташлашга ҳаракат қилишган. Шундан кўриниб турибдики, араблар учун хурмо дарахти энг муҳим ўсимликлардан бири бўлган. Мусулмонларнинг “Бану Надир” қабиласи билан бўлиб ўтган жанг пайтида, мусулмонлар ҳаракатланиш осон бўлиши учун хурмо дарахтларини юлиб ташлашга мажбур бўлганлар. Аммо улар бу ишни изтироб билан амалга оширганлар. Олимларнинг аниқлашича хурмо дарахти бир қатор касалликларга шифо ҳисобланади. Хусусан, у юракнинг бир маромда ишлашини таъминлайди, хотирани ўткирлаштиради, астма касаллигига даво ҳисобланади. Кўз касалликларига шифо ҳисобланади. Хурмо дарахтининг мевалари ҳомиладор аёлларга фойдаси жуда катта ҳисобланади.

Зайтун ўсимлиги. Ушбу ўсимлик Қуръони Каримнинг 6 та жойида келган. Маълумки, баландлиги саккиз метргача бўлган зайтун ўсимлиги, ўрта ер денгизи давлатларининг барчасида парваришланади. Қадимда зайтун мойи чироқлар учун машъала сифатида ишлатилган. Зайтун мойининг тиниқ ёниши ҳақида “Нур” сурасининг 35-оятида шундай маълумот берилган: “… У (чироқ) на шарқий ва на ғарбий бўлмаган муборак зайтун дарахти (мойи) дан ёқилур. Унинг мойи (мусаффолигидан), гарчи унга олов тегмасада, (атрофни) ёритиб юборгудекдир”…

Зайтун мойи тиббий нуқтаи назардан ҳам фойдали дарахт ҳисобланади. Абу Али Ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари”да таъкидлашича зайтун мойи ошқозон касалликлари ва ўн икки бармоқли ичак касалликларига даво ҳисобланади.

Узум. Қуръони Каримнинг 12 та оятида узум ҳақида маълумот берилган. Қуръони Карим қиссаларига асосан мусаллас, яъни спиртли ичимликлар тайёрлаш учун парваришланган. Ислом дини пайдо бўлганидан сўнг Арабистон яриморолида узум парваришлаш анча камайган. Ислом таълимоти спиртли ичимликларга таъқиқни жорий қилганидан сўнг узум етиштириш ва мусаллас тайёрлаш ишлари, халифалик ерларида анча тартибга солинди. Маълумки май ичишнинг ман этилиши бир оят билан ҳал қилинган эмас, балки у уч босқич билан таъқиқланган: Умар ибн Хатттоб розияллоҳу анҳу ва баъзи бошқа саҳобалар май ақл ва бойликни кетказувчи офат эканидан Пайғамбар алайҳиссаломга шикоят қилганларидан кейин “Бақара” сурасининг мазкур ояти ваҳий қилинган. Иккинчи босқич Абдураҳмон ибн Авф маст ҳолда имомлик қилганларида, оятни қўпол равишда бузиб қироат қилган. Шундан кейин “Нисо” сурасининг 43-оятида маст ҳолатда намозга яқинлашмаслик буюрилган. Учинчи ва охирги босқич Атбон ибн Молик деган саҳобанинг уйида зиёфат пайтида маст бўлиб қолган меҳмонлар ўзаро жанжаллашиб қолганлар. Шундан кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳга илтижо билан: “Эй Аллоҳим, май тўғрисида кескин бир ҳукм нозил эт!”, деб дуо қилганларида “Моида” сурасининг 90-ояти билан май ичиш қатъий ман этилган. Бу ҳолат мусулмон аскарлари учун анча фойдали бўлди. Сабаби улар мусулмон бўлмасларидан олдин мусалласни кўп истеъмол қилар эдилар. Ҳозирги кунда узумнинг 8000 дан ортиқ тури Европа мамлакатларида етиштирилади.

Анор. Анор дарахти ҳақида Қуръони Каримнинг 3 та оятида маълумот келтирилган. Булар “Ар Раҳмон” сураси 68-ояти ва “Анъом” сураси 99 ва 141-оятлар. Тарихий маълумотларга кўра анор дарахти Мусо алайҳиссалом даврларида Сурия, Фаластин ва Ливан мамлакатларида экилган. Археологлар Мисрдаги қазилмалар жараёнида қабрда анор расми туширилган суратни топишган. Бундан ташқари тарихий маълумотларга асосан мисрликлар қадимда анордан “шеду” номли ичимлик тайёрлашган. Анор дарахтининг ватани Эрон ҳисобланади. Натрий, рибофлавин, тиамин, ниацин ва “С” витаминига эга бўлган анорнинг тиббиёт жиҳатдан фойдали томонлари кўп. У юқори қон босимини туширишда, диареяга қарши қўлланилган. Анорнинг нафақат меваси, балки пўсти ҳам даво эканлигини олимлар ўз асарларида келтириб ўтганлар. Ҳусусан араб қабилалари жангдан сўнг ярадор аскарларнинг яраларини анор пўстлоғи билан боғланганликлари ҳақида маълумотлар бор. Эронлик олим Муҳаммад Юсуф Ал Ширвоний ўзининг “Тиббнома” асарида, анор ҳақида қуйидагича тўхталади: “Ҳомиладор аёлларга эчки боласининг гўшти ва анор шарбати берилади. Чунки ҳомиладор аёлга ҳамиша мусаффо ҳид ва тархун ҳиди керак. Ҳомиладор аёлга нок, олма ва анор фойдалидир.

Кафур ўсимлиги. Ўзимизнинг тилда “хина” дир. Қуръони Каримниниг “Инсон” сураси 5-оятида мана шу ўсимлик ҳақида маълумот берилади. Бундан ташқари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам майитни кафанлашдан олдин уни “хина” сувига ювишга буюрганлар. Араб давлатларида хинани олтинга тенглаштирилган.

Занжабил ўсимлиги. Қуръони каримнинг “Инсон” сурасида ушбу ўсимлик ҳақида оят бор. Ушбу ўсимликнинг ватани Ҳиндистон, Жанубий Шарқий Осиё ва Хитой, Арабистон ярим оролига занжабил ўсимлиги Ҳиндистондан келтирилган. Қадимда занжабил ўсимлиги тиббиётда кенг қўлланилган. Ҳусусан занжабил ҳарорат кўтарилганда уни туширади, иштаҳани очиб, инсонга тетиклик бахш этади. Шунинг учун ҳам мана шу ўсимликни араблар таомларга қўшиб истеъмол қилишни хуш кўрганлар.

Саримсоқ, бодринг, мош, ловия, пиёз.
Ушбу ўсимликлар ҳақида “Бақара” сурасининг 61-оятида маълумот бор. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саримсоқ еб масжидга келишни таъқиқлаганлар. Сабаби инсоннинг оғзидан бадбўй ҳид келиши, бошқа намозхонларга ноқулайлик келтириши мумкинлиги таъкидланган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам янги бодринг ейишни хуш кўрганликлари ҳақида ривоятларни Имом Бухорий ва Муслим ҳадисларида учратиш мумкин.

Қовоқ. Ушбу ўсимлик ҳақида “Соффат” сурасининг 146-оятида маълумот берилган. Ушбу оятлар мазмунида Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломнинг наҳанг томонидан ютиб юборилиши, сўнгра унинг қорнидан бутун чиқиши ва қуруқликда унинг устига Аллоҳ таоло соя бўлиши ва унинг қорни тўқ бўлиши учун Қовоқ дарахтини ўстириб қўйганлиги баён қилинган. Олимларнинг аниқлашича қовоқ анча вақтгача инсонни тўқ тутиш хусусиятига эга экан.

Ҳантал ўсимлиги. Ўзбек тилидаги “аччиқ қалампир” Қуръони Каримнинг иккита оятида зикр этилган. Бу ўсимлик ҳақидаги оятларни “Анбиё” сураси 47-ояти ва “Луқмон” сураси 16-оятларида учратиш мумкин.

Дарий ўсимлиги. Қуръонда номи келтирилган ушбу заҳарли ўсимлик жаҳаннам меваси ҳисобланади. Бу ҳақида “Ғошия” сурасининг 6-7-оятларида маълумот берилади.

Дарахтлар. Тадқиқотлар натижасида маълум бўлдики, Қуръони Каримда кўпгина дарахтлар ўз номи билан эмас балки “Шажара” номи остида тавсифланган. 18 та суранинг 24 та жойида “шажара” сўзи орқали дарахтлар ҳақида маълумот берилган:

“Ўнг тараф эгалари. Ўнг тараф эгалари недир?! Улар тикансиз сидрзорлардадирлар”.

Сидр хушбўй ҳидли бута бўлиб, араблар уни ҳиди учун яхши кўрар эдилар. Аммо тикани жуда кўп бўлади. Ояти карима тушган пайтида баъзи соддароқ кишилар: “кишига озор берадиган бу тиканли бута жаннатда нима қилади”, деган фикрга ҳам борган эканлар.

Салим ибн Омирдан ривоят қилинади: “Бир куни саҳрои араб кириб келдида: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло одамларга озор берадиган дарахтни жаннатда зикр қилибди?”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси дарахтни?”, деб сўрабдилар. У киши: “Сидрни. Унинг озор етказадиган тикани борку?”, дебди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло: “Тикансиз сидрзорда” деганку! Уни тикансиз қилган Зот ҳар бир тикани ўрнига мева чиқаради. У мевадан бир бирига ўхшамаган 72 хил таом бўлади”, дедилар.

“Воқеа” сурасидан:
29. “Сермева бананзорлардадир”.
30. “Ва ёйилган соялардадирлар”.
31. “Ва оқар сувлардадир”.
32. “Ва сероб мевалардадирлар”.
33. “Тугамайдиган ва маън қилинмайдиган”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапираётганларида қишлоқдан келган бир киши бор эди. “Жаннат аҳлидан бир киши Аллоҳдан экин экишга изн сўрайди”, дедилар, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, шунда Аллоҳ таоло унга: “Сенга хоҳлаган нарсанг муҳайё эмасми?!” деди. У: “Ҳа, барча нарса муҳайё, лекин мен экин экишни, у тезда униб, ўсиб мева бериб етилишни, уни йиғиб олишни ва тоғдай хирмон қилишни яхши кўраман”, деди. Аллоҳ таоло унга: “Ма ола қол! Сени хеч нарса тўйдирмайди”, шунда ҳалиги қишлоқдан келган киши: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша одам қураший ёки ансорий бўлса керак, чунки улар деҳқончилик қилади, лекин биз деҳқон эмасмиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб қўйдилар (Бухорий ривояти).

Ибн Зайд ҳадис айтади: “Бир киши: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатда хурмо борми? Чунки мен хурмони яхши кўраман”, деди. “Ҳа, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ундаги хурмонинг танаси олдиндан, пастки қисми ҳам олтиндан, шохлари ҳам олтиндан, мевалари кўзадан катта, ёғдан юмшоқ ва асалдан лаззатлироқдир”, дедилар у зот (Ибн Ваҳб ривояти).

Абдураззоқ зикр қилади: “Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб жаннат хусусида сўради. Расулуллоҳ унга ҳавуз ҳақида гапирдилар. У: “Жаннатда мевалар борми?”, деди. “Ҳа, у ерда “Тубо” деган дарахт бор”, дедилар. У: “Эй Расулуллоҳ, ердаги қайси дарахт унга ўхшайди?”, деб сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенинг ерингда унга ўхшайдиган дарахт йўқ. Шом борганмисан? У ерда Жавзо деган дарахт бор, новдалари пастидан ўсиб, юқорисида қуюқ бўлиб ёйилган”, дедилар. Аъробий: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қалинлиги қандай?”, деди. “Унинг қалинлиги, агар беш ёшли бақувват туя уни айланиш учун юрса, охирига етмай, чарчоқдан силласи қурийди”, дедилар. Кейин: “У ерда узум борми?”, деб сўради. У зот: “Ҳа” дедилар. У: “Бир бош узумнинг катталиги қандай?” У зот: “Учқур чавандознинг тинмай юрадиган бир ойлик масофасигача”, дедилар.

Мевалар. Қуръони Карим уларнинг баъзи турларлари ҳақида маълумот беришдан ташқари, “Факиҳа” сўзи орқали улар ҳақида 21 суранинг 35 та оятида маълумот беради. Жумладан: “Ва улар хоҳлаган мевалар билан” (Воқеа, 20-оят).

“Сизга у ерда кўплаб мевалар бор, улардан ерсизлар” (Аз-Зухруф, 73-оят).

Дон ўсимликлари. Қуръони Каримда Аллоҳ уларнинг турлари ҳақида тўхталмаган бўлса ҳам улар ҳақида 9 та суранинг 12 та жойида маълумот берган, жумладан Бақара сурасининг 261-оятида шундай баён қилинади: “Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли, худди бир дона донга ўхшайди. Ундан етти бошоқ ўсиб чиқади, ҳар бошоқда юзтадан дон бор”.

Зироат экинлари. Қуръони Каримда зироат экинлари ҳақида етарлича маълумотларни учратишимиз мумкин. Хусусан, 9 та суранинг 9 та ояти мана шу зироат масаласига бағишланган. Сабаби қадимдан Арабистон ярим оролида зироат экинларини парвариш қилиш урф бўлган.

“Мўйи Муборак” “Уккоша” жомеъ масжиди имом хатиби Илҳомжон Мадалиев томонидан, манбалар асосида тайёрланди

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*